Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдор ходим коррупцияда айбланиб, қамоққа олинди.
Давлат органларида коррупцион ҳолатларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Хусусан, “Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлими бошлиғи вилоятдаги туманлардан бирининг электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси 2024 йил 9 ойлик фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари учун келгусида ишдан бўшатилмаслиги эвазига, ундан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида ушбу ноқонуний ишга АЖнинг ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи ҳам алоқадор экани аниқланган.
Ҳозирда мазкур икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Мансабдорлар билан боғлиқ жиноятлар
Ноябрь бошларида ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари 1 миллион доллар олган вақтида ушланганди. Андижон вилояти Экология бошқармасининг Асака туман бўлими бош инспектори муқаддам судланганлигига қарамасдан, 20 минг доллар олаётганида қўлга тушди. У 30 йилга ижара асосида ажратилган 5 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, қўриқлаш ва кадастр ходимлари фирибгарлик жинояти устида ушланди.
Июль ойида Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори 10 минг доллар пора олаётганида қўлга тушганди. Августда ДХХ Тошкент ва Жиззах вилоятларида ҳоким ёрдамчиларининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди.
Изоҳ (0)