Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни амалий ташриф билан Санкт-Петербургга етиб борди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, “Пулково” халқаро аэропортида президентни Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Сўнг давлат раҳбари губернатор ҳамроҳлигида Исаакий майдонида пиёда сайр қилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси 25—26 декабрь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви ҳамда Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этади.
Саммитлар кун тартибидан мазкур кўп томонлама бирлашмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган. Биргаликда қилинган ишларнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинади ва келгуси йилги амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилади.
Шавкат Мирзиёев сўнгги марта Россияга амалий ташриф билан 2024 йил февралида борганди. Президент “Келажак Ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этганди. Ташриф давомида Россия президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказиб, икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилганди. Россияга расмий ташриф билан эса 2023 йилнинг октябрида борганди.
Ўзбекистон президенти 2023 йил 26 декабрда Санкт-Петербургда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида қатнашганди. Учрашувда 2023 йилги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинди ва келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)