Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси Татаристондаги ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар бўйича маълумот берди.
Бош консулхона ахборотида келтирилишича, ёнғин 24 декабрь эрталаб соат 3:00 ларда Татаристон Республикасида Елабуга муниципал туманида жойлашган “MIR” чорвачилик фермасининг иншоотида содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида 5 нафар Ўзбекистон фуқароси (1976 йилда туғилган А.Б., 1965 йилда туғилган Х.Х., 1970 йилда туғилган Ж.У., 1995 йилда туғилган Б.Н. ва 2002 йилда туғилган С.Д.) ҳалок бўлган.
Хабарда айтилишича, ушбу ҳолат Бош консулхона назоратига олиниб, тезкор равишда Бош консулхона дипломатлари воқеа жойига сафарбар этилган. Ҳалок бўлганларнинг жасадларни ватанга қайтариш ишларини ташкил этишга қаратилган чоралар кўрилмоқда. Мазкур тадбирларни амалга оширишда Татаристон раҳбарияти ва ваколатли органлар томонидан амалий ёрдам ва кўмак кўрсатилмоқда.
Ёнғин оқибатида жами 6 киши ҳалок бўлганди. Айни пайтда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари билан қуйидаги телефон рақамлари орқали боғланиш мумкин: +7-843-526-55-64, +7-843-526-55-65.
17 декабрь куни Россиянинг Уляновск вилоятидаги автоҳалокатда 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди.
Изоҳ (0)