Фарғонадаги хонадонларга иссиқлик таъминоти бўйича 4 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик асоссиз ҳисоблангани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қўмитанинг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасига тушган мурожаатлар асосида Фарғона вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси билан ҳамкорликда маиший истеъмолчиларга етказиб берилган иссиқлик энергияси ҳамда кўрсатилган хизматлар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганишларда иситиш мавсуми давомида кўп қаватли уйларга иссиқлик таъминотини етказиб берувчи марказий тармоқларнинг иситиш қозонхоналарида авария ҳолатлари (таъминот узилиши) содир бўлган вақтларда ҳамда табиий газ босими пастлиги ва бошқа асосли сабабларга кўра, аҳоли хонадонларига етарли даражада иссиқлик таъминоти етказиб берилмагани, шунингдек, таъминотчи корхона билан тузилган шартномаларнинг тегишли бандларига асосан қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилганда 6146 нафар истеъмолчининг хонадонларига 4 миллиард 173 миллион сўмдан ортиқ нореал дебитор қарздорлик ҳисоблангани аниқланди.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Юқоридагиларга кўра, ишни кўриб чиқиш якуни бўйича ҳудудий бошқарма томонидан мазкур ҳолат юзасидан вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармасига истеъмолчиларга ҳисобланган 4 миллиард 173 миллион сўмдан ортиқ асоссиз қарздорликни бекор қилиш юзасидан кўрсатма берилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида таъминотчи корхона томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган қарздорликлар бекор қилинди.
Изоҳ (0)