Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 342 минг 109 нафар шахсга нисбатан 285 минг 651 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, январь—июнь ойлари давомида 222 минг 101 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилган. Ярашув муносабати билан 39 минг 935 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этган.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 18 минг 403 нафар шахсга нисбатан 17 минг 982 та иш кўриб тамомланган. Шундан 11 минг 568 нафар шахсга нисбатан жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби маъмурий жазолар қўлланилган.
Шу билан бирга транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 14 минг 556 нафар шахсга нисбатан 14 минг 427 та иш кўриб тамомланган. Шундан 12 минг 867 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилган.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 935 нафар шахсга нисбатан 852 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 187 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 226 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.
Аввалроқ Тошкентда “права”си бўлмаган шахс бошқарувидаги автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)