Бразилия ва Вашингтон ўртасидаги келишмовчиликлар кескинлашгани фонида Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳрида ўтказилган намойишда АҚШ президенти Дональд Трампнинг юзи тасвирланган қўғирчоқ ва Америка байроғи ёқиб юборилди. Бу ҳақда Metropoles газетаси хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, намойиш тадбирларида жамоатчилик Оқ уй раҳбари собиқ президент Жаир Болсонаруга қарши суд жараёнига жавобан жорий этишга қарор қилган Бразилия экспорт маҳсулотларига қўйилган божларни қаттиқ танқид қилган.
Metropoles’нинг маълум қилишича, митинг жамоат ташкилотлари, касаба уюшмалари ва сўл партиялардан бўлган парламент аъзолари томонидан уюштирилган.
Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Сильва Америка президентининг Бразилия товарларига 50 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилган мактуби мазмунини бемаъни деб баҳолади.
Бразилия раҳбари агар АҚШ раҳбарияти 1 августгача Бразилия маҳсулотларига эълон қилинган 50 фоизлик тарифларни бекор қилмаса, ўша санадан бошлаб АҚШдан келадиган товарларга худди шундай божлар жорий этилишини маълум қилди.
7 июль куни Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида ўзининг иттифоқчиси ва Бразилиянинг собиқ раҳбари Болсонару сиёсий таъқибларга учраётганини айтди. Оқ уй раҳбари унга нисбатан “жодугарлар ови”ни тўхтатишга чақирди.
Лула да Сильва бунга жавобан Америка етакчисига мамлакатнинг ички ишларига аралашмасликни маслаҳат берди.
Бразилия етакчиси Луис Инасиу Лула да Сильва июнь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп интернет ва ижтимоий тармоқларда вақт сарфлаш ўрнига давлат раҳбари сифатидаги вазифаларини бажаришга эътибор қаратиши лозимлигини билдирганди.
Изоҳ (0)