Москванинг Внуково аэропортидан Тошкентга учаётган самолёт двигатели шикастланди.

Telegram’даги Aviaincident каналининг ёзишича, телескопик трапни тортиб олиш вақтида самолётнинг чап двигатель шикастланган.
Москва вилоятлараро транспорт прокуратураси 6 март куни берган маълумотга кўра, воқеа 5 март куни содир бўлган. Москва—Тошкент йўналишидаги самолёт двигатели телетрап сабабли шикастланган. Айни пайтда самолёт Внуково аэропортида экани, унинг техник ҳолати текширилаётгани маълум қилинган.
Москва транспорт прокуратураси ушбу ҳодисанинг барча ҳолатларига ойдинлик киритгач, аэропорт ходимларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериши, асослар мавжуд бўлса, чора кўриши билдирилган.
Авиакомпания матбуот хизматининг маълум қилишича, 5 март куни Москва—Тошкент йўналишидаги HY612 рейси техник сабабларга кўра мажбурий равишда бекор қилинди. Йўловчилар 2025 йил 5 март ва 6 март кунлари авиакомпания томонидан амалга ошириладиган муқобил рейслар орқали жўнатилди. Кутиш даврида йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилди.
Изоҳ (0)