Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган 7-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил — омбудсман ҳолат юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, 16 февраль куни Товоқсойдаги 7-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум М.Т.нинг вафот этгани ҳолати омбудсман назоратига олинган.
11 февраль куни тахминан соат 16:10 да маҳкум М.Т. колония ҳудудидаги эски ошхона биносида ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Деворни бузиш жараёнида эҳтиётсизлик сабабли унинг бир қисми маҳкум устига қулаган, натижада оғир тан жароҳати олган.
Ушбу ҳолат омбудсман девони ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Шунингдек, омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, уларга таъзия билдирди.
Қайд этилишича, марҳумнинг отаси Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасида 5 кун давомида ўғлининг ёнида бўлган.
Бундан аввал ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясида жазони ўтаётган 21 яшар маҳкум вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам Тошкент махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)