Шавкат Мирзиёевнинг Кувайтга илк расмий ташрифи якунланди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Ташриф тадбирлари якунлангач, Ал-Кувайт халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Валиаҳд Шайх Сабоҳ ас-Сабоҳ ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Давлат раҳбари Тошкент шаҳрига жўнаб кетди.


-judG4t-Y.jpg)
Кувайтга расмий ташрифнинг биринчи куни
Шавкат Мирзиёев Кувайт амири Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифига биноан 17 февраль куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга етиб борди. Ал-Кувайт халқаро аэропортида давлат раҳбарини Амир Шайх Мишъал ас-Сабоҳ, Валиаҳд Шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
“Ал-Баян” саройида Шавкат Мирзиёев ва Кувайт амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ тор доирада учрашув ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Музокаралар якунида Ўзбекистон президенти ва Кувайт амири Ўзбекистон—Кувайт кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.
“Ал-Баян” саройидаги музокаралар якунлангач, Шавкат Мирзиёев шарафига Кувайтдаги дипломатик миссиялар раҳбарлари иштирокида тантанали қабул маросими уюштирилди.
Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Кувайт бош вазири вазифасини бажарувчи, ички ишлар вазири Шайх Фаҳд ас-Сабоҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, Кувайт ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё билан учрашув ўтказди. Шунингдек, қатор компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Давлат раҳбари маданий дастур доирасида “Ас-Салом” сарой-музейининг Кувайт халқи маданияти ва тарихини акс эттирувчи экспозицияларини кўздан кечирди.
Ташрифнинг иккинчи куни
Ўзбекистон президенти Кувайт валиаҳди Шайх Сабоҳ ас-Сабоҳ билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида Ўзбекистон билан Кувайт ўртасидаги дўстлик ва кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Куни кеча бўлиб ўтган олий даражадаги тарихий музокаралар, ҳукумат аъзолари ва етакчи компаниялар билан сермаҳсул учрашувлар кўп қиррали Ўзбекистон—Кувайт муносабатларини кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиши таъкидланди.
Олий ва юқори даражада яқин мулоқот ва алмашинувларни давом эттиришга келишиб олинди. Инвестицияларни жалб қилиш учун платформани тез фурсатда ишга тушириш, агросаноат мажмуи, транспорт ва логистика, соғлиқни сақлаш, таълим, фармацевтика, инфратузилма ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.
Қабул қилинган барча қарор ва келишувлар ижроси устидан биргаликда назорат ўрнатиш масаласи келишиб олинди.
Ўзбекистон—Кувайт муносабатлари

Кувайт Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда тан олган. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1994 йил июлда ўрнатилган. Кувайт элчихонаси Тошкентда 2001 йилда, Ўзбекистоннинг Ал-Кувайтдаги элчихонаси эса 2004 йилда очилган.
Икки мамлакат халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар, жумладан, БМТ ва ИҲТ доирасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккита давраси ўтказилган.
2004 йил 19 январда имзоланган савдо, иқтисодий, илмий ва техник ҳамкорликка оид битимга асосан савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссияси тузилган. Унинг ҳамраислари этиб икки давлат молия вазирлари тайинланган.
2024 йил 16—21 октябрь кунлари Тошкент шаҳри, Фарғона ва Сирдарё вилоятларида Ўзбекистон—Кувайт бизнес-форумлари ўтказилганди. Ўша йилнинг май ва август ойларида Кувайтда бизнес форумлар ва Made in Uzbekistan кўргазмалари ўтказилди.
Шавкат Мирзиёевнинг Кувайтга расмий ташрифи арафасида 15 февраль куни ушбу мамлакат пойтахтида Ўзбекистон—Кувайт бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда қисқа вақт ичида икки давлат алоқаларини сезиларли даражада кенгайтириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имконини берадиган янги инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.
Изоҳ (0)