Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида чиқинди хизмати учун тўлов тарифи белгиланди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги хабар қилди.
Тошкент ҳамда Сурхондарё вилояти ҳудудларида маиший чиқинди хизматлари учун тўлов тарифларини тартибга солиш мақсадида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг тегишли сессия қарорлари билан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари тасдиқланди.
Унга кўра, Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида жисмоний шахслар яъни аҳоли учун 7 840 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 метр куб учун 82 880 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори белгиланди.
Белгиланган тўлов тарифи Тошкент вилояти “Тоза Ҳудуд” давлат унитар корхонаси ҳамда “Ангрен Бунёд Файз” МЧЖ, “Нурли йўл марвариди” МЧЖ, “Оҳангарон санитария тозалаш” МЧЖ, “Раҳнамо Сервис” МЧЖ, “Зеро-Waste” МЧЖ каби санитар тозалаш корхоналари учун тасдиқланди.
Улар қуйидаги ҳудудларга хизмат кўрсатади:
- Нурафшон, Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ, Янгийўл шаҳарлари;
- Тошкент, Зангиота, Оҳангарон, Юқоричирчиқ, Қуйичирчиқ, Паркент, Бўстонлик, Қибрай, Чиноз, Янгийўл туманлари.
Сурхондарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида аҳоли учун 7 000 сўм (ҚҚСсиз) (ҚҚС билан 7840 сўм) ҳамда юридик шахсларга 1 метр куб учун 122 219 сўм (ҚҚСсиз) (ҚҚС билан 136 885,28 сўм) миқдорида тўлов тасдиқланди. Белгиланган тўлов тарифи “Тоза ҳудуд” УК, “Био Техно Эко” МЧЖ, “Био Тех Эcо” МЧЖ, “Қизириқ инвест” МЧЖ, “Сале кингдом” МЧЖ ва “Шўрғун коммунал фойдаланиш” МЧЖ каби санитар тозалаш корхоналари учун амал қилади.
Агентлик хабарида таъкидланишича, бу чора-тадбирлар президентнинг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
2024 йил 1 апрелдан хизмат кўрсатувчи корхона томонидан кўрсатиладиган санитар тозалаш хизматлари қийматига нисбатан қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бошланди. Шу сабабли тарифлар 12 фоизга ошди.
Изоҳ (0)