Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришгач, бошқа давлатларга кўрсатиладиган барча ёрдам дастурларини 90 кунга тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
“Ҳозирча бу фармон ёрдамнинг дастлабки ҳажмига қандай таъсир кўрсатиши номаълум, чунки кўплаб дастурларни молиялаштириш Конгресс томонидан аллақачон ажратилган ва агар ҳали сарфланмаган бўлса, сарфланиши шарт”, дея хабар берди AP агентлиги.
Таъкидланишича, кўрсатилган 90 кун ичида янги АҚШ маъмуриятининг сиёсий мақсадларга мувофиқлиги текширилади.
“Қўшма Штатларнинг бундан кейинги ҳеч қандай ташқи ёрдами мамлакат президентининг ташқи сиёсатига тўлиқ мос келмайдиган тарзда амалга оширилмайди”, дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда агентлик.
AP маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар бошқа мамлакатларга кўрсатаётган молиявий ва бошқа ёрдамнинг умумий ҳажми АҚШ бюджетининг 1 фоизидан ошмайди. Истиснолардан бири — Украинага ҳарбий ёрдам: Давлат департаменти маълумотларига кўра, Киевни қўллаб-қувватлаш учун 2014 йилдан бери 70 миллиард долларга яқин (67 миллиард евро) маблағ ажратилган, шундан қарийб 66 миллиард доллари Россия-Украина уруши бошланганидан кейин ажратилган.
АҚШнинг бошқа йирик ёрдам олувчилари қаторига Исроил (йилига 3,3 миллиард доллар), Миср (йилига 1,5 миллиард доллар) ва Иордания (йилига 1,7 миллиард доллар) киради.
APънинг аниқлик киритишича, ушбу бюджетлар ўн йиллар давомида тўланган узоқ муддатли пакетларга киритилгани сабабли, бу уч давлат “кескин қисқартиришларга дуч келиши эҳтимолдан йироқ”.
“Биз сарфлайдиган ҳар бир доллар, биз молиялаштирадиган ҳар бир дастур учта саволга жавоб бериши керак: бу Американи хавфсизроқ қиладими? Бу Американи кучлироқ қиладими? Бу Американи янада гуллаб-яшнатадими?”, деди АҚШ давлат котиби лавозимига тасдиқланган Марко Рубио.
Изоҳ (0)