Ижтимоий тармоқларда талабалар учун йўловчи поездларига чегирма эълон қилингани, лекин темирйўл кассаларида ва иловада чипталар қолмагани ҳақида хабарлар тарқалди. “Ўзтемирйўлйўловчи” бунга муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги ОТМларда таҳсил олаётган талабаларга қулайлик яратиш мақсадида сайёр кассалар ташкил этилган. Ушбу сайёр кассалар орқали талабалар бемалол ўз яшаш манзилларига қатновчи йўловчи поездлари учун чипталарни харид қилиши мумкин. Шу билан бирга, йўловчи поездларига қўшимча вагонлар уланиб, янги поездлар қатнови йўлга қўйилмоқда.
Шу ўринда 50 фоиз чегирма билан талабалар томонидан харид қилинган чипталар бўйича кунлик маълумотлар эълон қилинмоқда. 19 декабрь 8:00 ҳолатига кўра, талабалар томонидан электрон тарзда 15 465 та, чиптахоналардан 3 539 та, жами 19 004 та чипта 50 фоиз чегирма билан харид қилинган.
“Тошкент минтақавий темир йўл узели” УК матбуот хизматининг қайд этишича, байрам арафаси ҳамда таътилга оз қолганли сабабли аҳолининг ҳамда талабаларнинг темирйўл транспорти хизматига бўлган талаблари ортмоқда ва бунинг оқибатида иловалардан электрон чипталарни харид қилиш кескин кўпаймоқда.
Сайёр кассалар қуйидаги манзилларда ташкил этилган:
- Ўзбекистон миллий университетининг ўзбек филологияси факультети биноси 1-қавати;
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети А-биносида;
- Тошкент давлат Аграр университети биносида.
Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга қишки таътил мобайнида маҳаллий йўналишдаги қатновлар учун 23 декабрдан 2025 йил 10 январга қадар 50 фоиз чегирмалар эълон қилинганди. Чипталарни сотиб олиш учун талабалар паспорт билан темир йўл кассаларига ташриф буюриши ёки электрон тарзда чипта харид қилишда eticket.railway.uz сайтидан фойдаланишлари мумкин.
Олий таълим ташкилотлари талабалари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаби ва академик лицейлар ўқувчиларига 2024/25-ўқув йили учун бериладиган қишки таътил 2024 йилнинг 25 декабридан бошланади ва 2025 йилнинг 7 январига қадар (шу куни ҳам) давом этади.
Изоҳ (0)