2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонда мактаб ҳамда касб-ҳунар таълим муассасаларида германиялик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган касбга йўналтириш машғулотларидан фойдаланилади.
Жорий йилнинг ноябр ойида Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ГИЗ Карьера ТехВЕТ лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган, энг замонавий, хориж тажрибасига асосланган карьерага (касбга) ёъналтириш машгъулотлари ташкил қилинди.
20-21 ҳамда 25-26-ноябрь кунлари Марғилон шаҳридаги 2-сон касб-ҳунар мактаби ҳамда 10-умумтаълим мактаби, Хўжайли тумани касб-ҳунар мактаби ҳамда Нукус шаҳридаги 2-сон мактабида “Бизнес ичра”, “Ёшлар ёшларга мураббий”, “Тўғри ёки нотўғри” деб номланган карьерага йўналтириш машғулотларини намунали ташкил қилиб, уларни халқаро тажрибадаги ёндашувлар билан синовдан ўтказди.
Бизнес ичра: Касбий тажрибага йўлланган илк қадамлар
Бугунги кунда ёшларни касб танлаш жараёнида қўллаб-қувватлаш учун амалий ва интерфаол усуллар катта аҳамиятга эга. ГИЗнинг Карьера ТехВЕТ лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Бизнес ичра” дастури шундай ёндашувлардан бири бўлиб, ёшларни бўлажак касблари билан яқиндан таништириш мақсадида инновацион методология асосида ишлаб чиқилган.
Мазкур дастур орқали ўқувчилар ўзлари танлаган соҳалардаги корхона ва ташкилотларга экскурсиялар уюштириш имкониятига эга бўладилар. Бу тажриба уларга бўлажак иш жойларининг кундалик фаолиятини тушуниш, иш вазифалари, лавозимлар ва меҳнат шароитлари билан яқиндан танишиш имкониятини беради. Экскурсиялар нафақат билим бериш, балки ўқувчиларни касбга қизиқтиришда муҳим ўрин тутади.
Германия давлатининг касб-ҳунар таълими бўйича илғор тажрибасига асосланган ҳолда, ушбу методологияни ишлаб чиқишда халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар иштирок этди. Лойиҳанинг етакчиси Теа Сипрашвилининг таъкидлашича, “Ўқувчилар экскурсияга боришдан аввал брифинг ва тайёргарлик босқичларидан ўтади, корхонада эса интерфаол услубда меҳнат жараёнларини кузатиб, машғулотларни дебрифинг орқали хулосалайдилар.”
Марғилон шаҳридаги 2-сон касб-ҳунар мактаби ушбу ёндашувни қўллаб, 15 нафар ўқувчи учун Фарғона Глобал Textile корхонасига экскурсия ташкил этди. Ўқувчилар бу ерда ўз келажаги учун муҳим бўлган билимларни амалий ўрганиб, ўз қизиқишларини янада мустаҳкамлади.
Ёшлар ёшларга мураббий: Касбий маслаҳатнинг янги усули
Касб-ҳунар ўрганиш жараёнида яқинда мактабни тамомлаган ва ўз соҳасида муваффақият қозонган ёшларнинг тажрибаси улкан илҳом манбаи бўлиши мумкин. Шу сабабли, Карьера ТехВЕТ лойиҳаси доирасида “Ёшлар ёшларга мураббий”дастури ишга туширилди.
Бундай дастурлар касб танлаш жараёнини қизиқарли ва самарали қилишга хизмат қилади. Ёшларнинг ўз тенгдошлари томонидан олинган маслаҳатлар ва илҳом уларнинг келажакдаги қарорларини анча енгиллаштиради.
Карьера ТехВЕТ лойиҳаси доирасида ўқувчиларни касбга йўналтириш ва қизиқтиришга мўлжалланган 13 та шундай чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Улар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, гендер тенглик, рақамли технологиялардан фаол фойдаланиш бўйича услубий тавсияларни ўз ичига олади.
Тўғри ёки нотўғри: касблар ҳақидаги стереотипларни парчалаймиз
Ёшлар келажакда нима билан шуғулланиши ҳақида ўйлаб, саволлар сўраб бошлар экан, улар гоҳида нотўғри маълумотлар, турли стереотипларга дуч келади. Мактаб психологлари ва касбга йўналтиришга масъул мутахассислар ўтказадиган “Тўғри ёки нотўғри” машғулотлар ана шундай тушунмовчиликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Соҳа вакиллари ва ишончли манбалардан маълумот йиғишга қаратилган методика туфайли ўқувчилар ўзлари эгалламоқчи бўлган соҳа ҳақида объектив таассуротга эга бўлади.
Хўжайли тумани касб-ҳунар мактаби ўтказган машғулотда ўқувчилар, хусусан, тикувчилик ҳақидаги нотўғри таассуротлар ҳақида суҳбатлашишди.
Лойиҳа доирасида декабрь ойида Қашқадарё вилояти, шунингдек, келаси йилнинг биринчи ярмида Самарқанд вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида ҳам карьерага йўналтириш тадбирлари синовдан ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)