Ўзбекистон компаниялари Афғонистонда газ қазиб олиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширади. Бу ҳақда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.
Тошкент шаҳрида “Халқаро ҳамкорлик ташкббуслари ҳафталиги” якунига доир мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда қатнашган Исматилла Эргашев Ўзбекистон томонидан Афғонистонда амалга оширилиши назарда тутилган айрим лойиҳалар ҳақида гапирди. Дипломатнинг айтишича, “Толибон” билан Жаузжон вилоятидаги “Тути Майдон” табиий газ конини ўзлаштириши бўйича келишувга эришилган. Махсус вакил мулоқот якунида журналистлар билан суҳбатлашди. Хусусан, “Дарё” мухбирининг газ конини ўзлаштириш бўйича келишувга оид саволига жавоб қайтарди.
Лойиҳа Eriell KAM томонидан амалга оширилади. Конни ўзлаштириш учун 10 йил давомида йилига 100 миллион доллардан сармоя киртилади (жами бир миллиард доллар). Ҳозир кондаги сакизта эски қувурни қайта тиклаш бўйича мутахассислар ўрганиш ўтказмоқда. Кон майдони етти минг квадрат километр бўлиб, унда аниқланган газ ҳажми уч триллион куб метрдан ортиқ. Конни ўзлаштириш бошлангач, дастлабки икки йил ичида бир неча миллиард куб метр газ қазиб олиш назарда тутилган. Кондан қазилган маҳсулот газ қувурлари орқали бевосита Ўзбекистонга етказилади. Кейин қайта ишланади ва яна Афғонистонга истеъмол учун юборилади, деди дипломат.
Исматилла Эргашев суҳбат давомида Афғонистонда электр энергияси ишлаб чиқариш, Ўзбекистондан энергетика маҳсулотини етказиш лойиҳалари ҳақида ҳам гапирди.
Афғонистонда бир йил давомида қуввати 10 мегаватли электр станцияси қурилади. Лойиҳа “Натанҳо” газ конини ўзлаштириш ва маҳаллий аҳолини электр билан таъминлашга хизмат қилади. Биз Афғонистонга йилига икки миллиард киловатт соатдан ортиқ электр энергияси экспорт қиламиз. Мазкур қувватни ошириш ва электр узатишда стабил шароит яратиш учун Ўзбекистон томонидан яна бир лойиҳа бошланган. У кучланиши 500 киловатт бўлган, умумий қиймати 10 миллион долларлик “Сурхон-Пули-Хумри” электр узатиш линиясидир. Ўзбекистон мутахассилари лойиҳанинг Сурхондан Афғонистон чегарасигача (45 километр) бўлган масофадаги қисмини қуриб битказган. Кейин бир муаммо юзага келган. Лойиҳани Осиё тараққиёт банки молиялаштираётган эди. Лекин 2021 йил август воқеаларидан кейин (“Толибон” ҳаракати Кобулни эгаллаб, бутун мамлакатни ўз назоратига олган-таҳр.) халқаро молиявий институтлар Афғонистондаги лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатиб қўйишди. Биз ҳозирги Афғонистон муваққат ҳукумати билан бу масала ечимини топдик. Ўзбекистон таклифи Афғонистоннинг муваққат ҳукумати томонидан қабул этилди. Ўйлайманки, яқин келажакда биз мана шу лойиҳани ҳам амалга оширамиз, дея маълум қилди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, 29 августда Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида “Термиз халқаро савдо маркази” очилди. Лойиҳа қиймати 70 миллион долларни, марказ майдони 36 гектарни ташкил этади.
Изоҳ (0)