Туркиянинг Малатя шаҳрида 16 октябрь куни 5,9 магнитудали зилзила юз берди. Бу ҳақда Туркия ҳукуматининг Табиий офатларнинг олдини олиш ва бошқариш бошқармаси (АФАД) хабар берди.
Сейсмологларнинг маълумотларига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан 10:46 да қайд этилган. Ер силкиниш ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашган. Зилзила Диярбакир ва Элазиг каби қўшни провинцияларда ҳам сезилган.
Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая тегишли идоралар жойларда текширув ишларини бошланганини маълум қилди. Жабрланганлар ва вайронагарчилик ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Зилзила туфайли Малатядаги мактабларда дарслар бир кунга бекор қилинган.
Такрорий силкинишлар эҳтимоли сабабли аҳолига ҳушёрликни сақлаш ва маҳаллий ҳокимият кўрсатмаларига риоя қилиш тавсия этилган.
Туркияда 2023 йил 6 февраль куни Қаҳрамонмараш вилоятида 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар тўққиз соат фарқ билан содир бўлганди. Туркия ҳукумати зилзилаларни “аср фалокати” деб атаган. Зилзила оқибатида 53 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 107 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.
17 август куни туркиялик етакчи сейсмолог Нажи Герюр Истанбулда 7 ва ундан юқори магнитудали зилзила эҳтимоли 60 фоиздан ошишини айтганди.
Изоҳ (0)