Қозоғистон Олий суди мактабларда рўмол ўрашни тақиқлашни ноқонуний деб топди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Жаслан Айтмаганбетовга таяниб, “Курсив” хабар берди.
Айтмаганбетов ўқувчи қизлар дарсларга ҳижобда қатнаша олиши, чунки Қозоғистонда ҳар бир бола таълим олиш ҳуқуқига эгалигини билдирди.
У Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги мактаблардан бирида қиз рўмол ўрагани учун дарсга киритилмаганини айтди. Қизнинг ота-онаси боласини ҳимоя қилган. Натижада мактаб ходимлари ва ўқувчининг оиласи ўртасидаги низо Олий судгача етиб борган.
Олий суд таълим муассасаларида рўмол ўрашни тақиқлашни ноқонуний деб топган, чунки боланинг таълим олиш ҳуқуқи шу асосда чекланмаслиги керак, дейилади хабарда.
Жаслан Айтмаганбетовга кўра, шунга ўхшаш қарорлар илгари тўртта вилоятнинг бошқа судлари томонидан ҳам тан олинган.
Вазирлик рўмол билан курашаётган бир пайтда Қозоғистонда болалар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ва зўравонлик ҳолатлари кўпайди, бу жуда ачинарли. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, суд ҳокимияти вазирлик позициясига эмас, балки қонун нормаларига қараётгани қувонарли, деди у.
Изоҳ (0)