Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳасида чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш, ҳайвонларда юқумли касалликларнинг олди олиш ҳамда мамлакатда озиқ – овқат маҳсулотлари ҳавфсизлигини таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳайвонларни ҳисобини юритиш, ҳайвонларнинг насли билан боғлиқ ва уларнинг соғлиги тўғрисидаги ягона электрон тизим яратилиши белгиланмоқда. Ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларининг, идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда.
Қонун ташаббускорларининг айтишича, ҳайвонларни идентификация қилиш тизимининг энг асосий афзаллик томонларидан бири, бу тизим орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Шу сабабдан истеъмол учун ишлатиладиган гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя каби ҳайвон турлари ҳамда улар учун касаллик хафини туғдириши мумкун бўлган ҳамда касаллик кириб келишини олдини олиш, эпизоотик осойишталикни таъминлаш мақсадида, ит, мушукларни идентификация қилиниши таклиф этилмоқда.
“Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ички ва ташқи бозор учун ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот прогнози тўғрисида аниқ маълумотлар базасини шакллантириш, истеъмол учун чиқариладиган барча маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни олишга, ҳайвон эгаларининг ҳайвонга эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф қилиш ҳуқуқларини янада кафолатлашга имконият яратади”, дейилади хабарда.
Депутатлар қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида унда назарда тутилаётган янгиликлар чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ташқи ва ички бозорларни сифатли чорва маҳсулотлар билан таъминлаш, ветеринар осойишталикни таъминлашга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Изоҳ (0)