Вьетнам шимолида “Яги” тўфони оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди, 180 дан ортиқ киши яраланди. Табиий офатларга қарши курашиш ва қидирув-қутқарув ишлари миллий қўмитаси тегишли статистикани эълон қилди.
Табиий офатдан энг кўп пойтахт Ханой, Камфа, Монгкай, Хайфон, Халонг каби порт шаҳарлари, шунингдек, яқин атрофдаги Тхайбин, Хоабин ва Хинген каби шимолий провинциялар зарар кўрган. Бу ҳудудларда 400 дан ортиқ электр узатиш линиялари таянчларига ва 27 та электр подстанциясига шикаст етган.
“Бу эса электр таъминотининг мажбурий узилишларига сабаб бўлган”, дейилади хабарда.
Шоли ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари экилган 121 минг гектардан ортиқ майдонни сув босган, 5 мингдан зиёд мевали дарахтлар шикастланган. Қирғоқ бўйи ҳудудларида 38 та кема ва балиқчилик қайиғи чўкиб кетган ёки бедарак йўқолган.
Тайфун томларни қулатиб, минглаб уйларга зарар етказган, кўплаб баланд биноларнинг деразалари ва пештоқларини синдирган. Ўн минглаб дарахтлар синиб, илдизи билан қўпорилган.
“Яги” тайфуни 2024 йил 4 сентябрь куни Хитойнинг жанубий қирғоқларига яқинлашиб, у ердан Вьетнам томон йўл олган эди. Бир суткадан кам бўлган вақт ичида у ўта кучли тайфун даражасига етган. Унинг марказидаги шамол тезлиги 50 м/с дан ошган.
Изоҳ (0)