Қўшма Штатлар Тожикистонни Каспий денгизи, Осиё ва Кавказ мамлакатлари орқали Хитойни Европа билан боғлайдиган Транскаспий савдо йўли лойиҳасида иштирок этишини ёқлайди. Бу ҳақда АҚШнинг Душанбедаги элчиси Мануэль Микаллер маълум қилди.
“Биз Тожикистоннинг Марказий Осиёни Кавказ ва Европа бозорлари билан боғлайдиган Транскаспий савдо йўлида иштирок этишини қўллаб қувватлашда давом этамиз. АҚШ ва Марказий Осиёдаги беш ҳамкоримизни бирлаштирган C5+1 дипломатик платформаси орқали улар билан яқинроқ ҳамкорлик қилишга ва жаҳон бозорларига чиқишга умид қиламиз”, дейди у.
Транскаспий халқаро транспорт йўналиши Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Европа давлатлари орқали ўтади. Темирйўл ва денгиз транспортидан фойдаланган ҳолда контейнер ташиш амалга оширилади.
2022 йилда Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жосеп Боррель ҳам ЕИ Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни, жумладан, Россиядан мустақил бўлган янги транспорт йўлакларини қуриш орқали кенгайтириш ниятида эканини маълум қилганди.
Изоҳ (0)