Лола Йўлдошева ижодда у қадар фаол бўлмаганда ҳам мухлислари назаридан четда қолмайдиган ижодкор ҳисобланади. Баъзи хонандалар бир-икки йил “кўринмаса” санъатдаги аввалги ўрнини йўқотиши ҳеч гап эмас. Хонанда Лола эса фаолияти давомида кўп марта танаффус қилган бўлишига қарамай, ҳамиша мухлисларининг севимли ижодкори бўлиб қолган.
Терговчининг қизи
Лола Йўлдошева 1985 йилнинг 4 сентябрида Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг отаси Равшанбек Йўлдошев узоқ йиллар мобайнида ички ишлар органларида терговчи сифатида фаолият юритган. Шу билан бирга, унинг санъатга қизиқиши баланд бўлган. Айнан шу қизиқиш ортидан Равшанбек Йўлдошев кейинчалик кўплаб юлдузларни кашф қилган “Тарона рекордс” продюсерлик компаниясига асос солган. Унинг ёрдамида “Сетора” гуруҳи, Шаҳзода, Шохруҳхон каби хонандаларнинг танилишига ҳисса қўшган.
Онаси Гулнора Йўлдошева эса дизайнерлик билан шуғулланган, у аввалига турмуш ўтоғини қўллаб-қувватлаш учун унинг продюсерлигида суратга олинган клипларда костюм устаси бўлиб ишлаган.
Лола оилада тўрт нафар фарзанднинг тўнғичи бўлган, яъни хонанданинг Рустам исмли укаси ва Анора, Асал исмли сингиллари бор.
Лола санъаткор эмас, юрист
Хонанда ёшлигида гуманитар фанларни катта қизиқиш билан ўрганади ва Буюк Британиядаги ўрта мактабда таҳсил олади. Лола мактабни битирганидан кейин Москва халқаро университетида ўқишга киради. Хонанда ўқишни битиргач, Тошкентга қайтади ва бизнес соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш мақсадида пойтахтдаги Вестминстер халқаро университетида ўқийди. Сўнгра Тошкент давлат юридик университетига ўқишини кўчиради ва олий маълумотли юрист сифатида ўқишни битиради.
— Кичкиналигимда ўзига ишончи паст, тортинчоқ қизча бўлганман, ўзимга бўлган ишончсизликни бошқариб бўлмайдиган энергиям ортига яширганман. Тенгдошларим билан йиғилсак, ўзимни ноқулай ҳис этардим. Бу ўз севимли машғулотимни топиб, энергиямни керакли соҳага йўналтиргунимга қадар давом этган, — дейди хонанда.
10 ёшда эришилган машҳурлик
Лола ўз ижодий фаолиятини жуда эрта бошлаган. У ўн ёшида “Ширибом” реклама ролиги учун ўзининг илк таронасини ижро этган. Лола 2002 йилда хонанда сифатида фаолиятини бошлайди ва “Нетайин” номли таронасини ижро этади. Хонанданинг ушбу таронаси кўп муддат хит тароналар сафидан тушмайди. У 2002 йилда россиялик продюсерлар билан шартнома имзолайди ва бир муддат Майя тахаллуси остида ижод қилади.
Шундан кейин ўзини актрисаликда синаб кўрмоқчи бўлган Лола 2003 йилда “Севинч” номли кинокартинада хонанда Шаҳзода, актёр Бобур Йўлдошев билан суратга тушади ва актриса сифатида танилади. У шундан сўнг “Муҳаббатим”, “Топдим бахтимни”, “Имкон бер”, “Сенга”, “Соғиндим”, “Кел” таронасини мухлисларига тақдим этади. Хонанда иштирокидаги “Келгинди куёв”, “Жодугар”, “Ёндиради, куйдиради”, “Ғаройиб орзулар” фильмлари ҳам томошабинларнинг эътирофига сазовор бўлган.
Омадсиз турмуш
Актриса 2005 йилда “Тарона” мукофотлаш маросимида “Йилнинг энг яхши аёл хонандаси” сифатида ғолиб деб топилади. Шундан кейин хонанда турмушга чиқади ва ижодда танаффус қилиб, бутун эътиборини оиласига қаратади. Лола “Топдим бахтимни” номли таронасида биринчи турмуш ўртоғи билан суратга тушган. Орадан 6 йил ўтиб, 2011 йилда у турмуш ўртоғи билан ажрашганини ва ижодга қайтганини маълум қилади.
Лола биринчи турмуш ўртоғи билан севишиб турмуш қургани, бироқ кейинчалик у томондан қўйилган турли тақиқ ва чекловлар ўзаро келишмовчилик ҳамда оиланинг бузилишига сабаб бўлгани ҳақида сўзлаб берганди.
— Биз собиқ турмуш ўртоғим билан танишганимизда 18 ёшда эдим. У мени турмушга чиқишга кўндириш учун бир йил ъмеҳнат қилдиъ, бизнинг тўйимизга тиш-тирноғи билан қарши бўлган ота-онамни кўндириш учун эса яна бир йил сарфлади. У ҳаммамизни кўндириш учун барча маҳоратини ишга солди. Шу тарзда орадан 2 йил ўтиб биз унга таслим бўлдик. Отам собиқ турмуш ўртоғимдан тўйдан кейин ўқишимни давом эттиришим ҳамда ўтган йиллар мобайнида эришган карьерамни давом эттириш ваъдасини олди. Эркаклар қўл ташлашди, нон синдирилди, тўйимиз бўлди.
Тўйдан кейинги 5 йил давомида мен фақат уй ишлари билан шуғулланиб уйда ўтирдим. Биз шаҳардан 30 километр узоқликда яшардик, мен деярли уйдан кўчага чиқмасдим. Менга ўқишимни давом эттиришга ҳам рухсат беришмади. Чунки бу янги келинчакка уйдаги мажбуриятларини бажаришига халақит берарди. Шу тарзда Вестминстерни тамомлай олмадим. Ўқишимни юридик университетнинг сиртқи бўлимига кўчиришди.
Ишлашимни ҳамда касбим билан боғлиқ тадбирларда иштирок этишимни тақиқлашди. Барча дугоналарим билан алоқам узилди, улар билан учрашувларга, туғилган кун ва тўйларга юборишмасди.
Ота-онамникига бир ҳафтада бир марта бир неча соатга борардим, ётиб қолишга ҳеч қачон рухсат беришмасди. Шундай қилиб орадан йиллар ўтди. Икки фарзандли бўлдим. Ҳар куни эрталаб соат 6:00 да турардим, ярим кечаси ухлашга ётардим. Бошқаларнинг манфаатлари билан яшардим, чунки ўзимда ҳеч қандай манфаат йўқ эди. Ҳаётимдаги асосий мақсад оила аъзоларига хизмат қилиш, уларга яхши кўриниш эди. Ҳар кеча ухлашдан олдин ўзимни саҳнада ҳис этар, кўзларим ёниб табассум қилаётганимни тасаввур қилардим. Фақат тушимда ўзимни бахтли ва эркин ҳис этардим.
Ҳақиқий Лолани соғинардим…
Кунлардан бир кун мен 40 кунлик ўғлимни ва икки ёшли қизимни олиб у уйдан кетдим ва у ерга бошқа ҳеч қачон қайтмадим”, — деб ёзганди Лола Instagram саҳифасида.
— Ўшанда мен қўрққанмидим? Йўқ. Қилмишимдан афсусландимми? Ҳеч қачон! Кимнидир айблайманми? Бу аҳмоқлик. Биз билан бўлаётган ҳамма нарсага биз қачондир рухсат берганмиз. Орадан 10 йил ўтганидан сўнг мен бу ҳақда биринчи марта гапиряпман. Чунки қачондир мен босиб ўтган ҳаётда яшаётган аёлларнинг оғриғини тушунаман, сизнинг умидсизлигингизни ҳис этаман, оилангизни йўқотишдан, шу билан бирга, тубсиз жарлик ёқасида қолишдан қўрқишингизни биламан.
Бирга яшаётган одамларингизнинг ҳаракатларини оқлаб, бу сизнинг тақдирингиз ва сиз ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигингизга ўзингизни ишонтираётганингиз, ота-онангиз юзини ерга қаратмаслик учун ҳаракат қилаётганингизни ҳис қиламан.
Сиз жуда ҳам истайдиган ягона нарса — тўйиб ухлаш ёки ҳеч бўлмаса бирор марта ҳеч кимдан рухсат сўрамасдан бирор қарорни қабул қилиш. Бироқ сиз булардан кўпроғига лойиқсиз. Бу ажрашишга чақириқ эмас! Мен учун оилавий қадриятлар ҳамиша устун бўлган. Бу ўзингизни ҳурмат қилишга чақириқ! Сиз шахс эканлигингиз ва ўзингиз орзу қилган ҳаётда яшашга тўлақонли ҳақли эканлигингизни унутманг! Ҳа, сиз келин, рафиқа ва онасиз, лекин биринчи навбатда сиз ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга инсонсиз ҳамда ҳеч ким уларни оёқости қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Кимдир ўзгариши ва ҳаётингиз яхшиланишини кутманг. Бу ўз-ўзини алдаш. Ўзгариши мумкин бўлган ягона инсон — сизсиз. Мен шу тарзда юмшоқ феъл-атворли, очиқ, содда ва ишонувчан қиздан кучли, асосийси, ўзини севадиган ва ҳурмат қиладиган аёлга айландим.
Биз қизларимизга ўрнак бўламиз, шуни ёдда тутинг. Ўзига ҳурмат болаликдан бошланади. Болалар ўзига ишончи юқори, ўзига қараган, отаси севадиган бахтли онани кўриши керак. Бошқача бўлиши мумкин эмас! Менинг фарзандларим бугун мени шу ҳолда кўряпти.
Орадан йиллар ўтиб, мен турмуш ўртоғим сиймосида бахтимни, севгимни, эркимни, ҳурмат ва қўллаб-қувватлашни топдим. Бунинг учун ундан миннатдорман. Энди сиз бу шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас, балки менинг ҳаётий тажрибам эканлигини биласиз.
Мен сизларнинг ҳар бирингиз бахтли бўлишингизни жуда хоҳлайман. Яна ўзингизнинг ҳаётингизни севишингиз, бу яшаш учун кураш эмас, ажойиб йўл эканлигини ёдда тутишингизни истардим. Бу йўлни қандай босиб ўтишни фақат сиз ҳал қиласиз”, — деган эди хонанда.
Биринчи турмушидан ажрашгандан сўнг хонанда 2017 йилда яна турмуш қуради ва 2020 йилда қизи Аишани дунёга келтиради.
Хонанда зарарли одатлари ҳақида
Лоланинг ҳам кўплаб инсонлар сингари зарарли одатлари бор. Хонанда мухлисларига аталган постида пунктуаллик (ўз вақтида улгуриш) борасида ажралиб турмаслиги ва кўпинча ҳамма жойга кечикиб юришига иқрор бўлди, буни эса ишларни доим кейинга қолдириши билан изоҳлаган эди. Бундан ташқари, қўшиқчи ўзини қаҳвада чекламаслигини, бир кунда бу ичимликдан икки финжон ҳам ичиши мумкинлигини қайд этган эди. Шунингдек, Лола кир ювиш машинасидан ювиб бўлинган кийимларни чиқариб ёйиб қўйишни унутиши, анча вақтдан кейин эса уларни қайтадан ювиши ҳақида ёзган эди.
Лола ва Шаҳзода ўртасидаги муносабат ҳар доим муҳокамалар марказида
Лоланинг отаси Равшан Йўлдошев унинг онаси Гулнора Йўлдошева билан ажрашиб, Шаҳзодага уйланганидан кейин хонандалар ўртасидаги муносабат ёмонлашгани ҳақида узоқ йиллар давомида миш-мишлар юради. Шаҳзода ҳам, Лола ҳам турли интервьюларда улар ҳеч қачон бир-бирига овозини баландлатиб гапирмагани, ораларида жиддий келишмовчилик ҳам йўқлигини таъкидлаб келади. Лола Instagram саҳифаси орқали мухлисларини қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, Шаҳзода билан айни пайтда ҳеч қандай муносабатда эмаслигини маълум қилган.
Отасининг вафот этганидан сўнг анча пайтгача ўзига кела олмаган
2020 йилнинг 31 март куни Лоланинг отаси Равшанбек Йўлдошев юрак хуружидан вафот этди. Хонанда ўшанда оиласи билан Россиянинг Москва шаҳрида эди. Пандемия туфайли авиарейслар чеклангани боис Лола отасининг маъракаларига кела олмади. Хонанда отасининг ўлимидан кейин анча вақтгача ўзига кела олмагани ҳақида мухлисларига сўзлаб берган эди.
— Отам сочининг учигача интеллигент одам эди. У энг ақлли, меҳрибон, ниҳоятда истеъдодли инсон эди. У ҳар доим ўзини оғир-босиқ тутар, паст, ёқимли овозда гапирарди. Ўйлашимча, у жавобини билмайдиган биронта ҳам савол йўқ эди. Ҳар доим тўғри, доно маслаҳат берарди. Мен ҳар доим ижод ва шахсий ҳаётга оид маслаҳатларни ундан сўрардим. У ҳар доим менинг суянчиғим эди. У ўзини севарди, ўзига қарарди, ҳар доим дид билан кийинарди. Яна унинг қўллари жуда чиройли эди. У туғишимга келишини айтганди, мен уни роса кутаётган эдим. Биз у билан ўлимидан бир кун аввал гаплашган эдик. Иккаламиз ҳам бу охирги марта эканлигини билмагандик, — деган эди Лола.
Пластик жарроҳликка мурожаат қилганини яширмайди
Лола 2022 йилнинг март ойида пластик жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. У гўзал бўлиш учун асли ўзбекистонлик, аммо Москвада фаолият юритаётган машҳур пластик жарроҳ Тимур Хидировга мурожаат қилди.
“Ажралиш — бу танлов”
— Мен бир кун ҳам икки фарзандим билан қолиб кетдим, деб ўйламаганман. Мен озод бўлдим! Ажрашиш — бу танлов. Ва сиз буни танлайсиз. Фарзандларингиз сизнинг бойлигингиз, ортиқча юк эмас! Бирга яшаган йилларингиз эса — тенгсиз тажриба, вақт ва ёшликни қўлдан бой бериш эмас. Ҳаётингиз учун масъулиятни ҳис этинг ва фақат олға! — дейди Лола.
“Онажонлар қулларни тарбияламанг”
— Фикримча, қизлар тарбиясида муҳим нарсалардан бири бу уларни ўзига ҳурмат руҳида тарбиялаш. Онажонлар, келажакда эркакларга хизмат қилиши керак бўлган қулларни тарбиялашни тўхтатинг! Қизларга билим беринг, шунда улар “қути” ташқарисидаги дунёни кўргач, ўзлари стереотипларга тўла “қути” ичида қолишни истамайди, — дейди хонанда.
Хонанда қизи Аишани дунёга келтирганидан сўнг бир муддат ижоддан чекинди, ўзини оиласи учун бағишлади. Сентябрь ойининг сўнгги кунларида концерт бериши ҳақидаги хабар эса кўпчилик мухлисларини қувонтирганди. Концертга бир ой қолмай эса билетлар сотиб бўлингани маълум қилинди. Бу ортиқча реклама қилинмаган концерт учун жуда яхши натижа ҳисобланади.
Изоҳ (3)
Ajrashishlar ko'payib ketgan davrda. Shunday po‘st chiqarish qanchalik to‘g‘ri. Rusiyzabon Yevropa tarbiyasini olgan odamni tavsiyalari hozirgi yoshlar dunyoqarashlarini buzib yuboradi. Daryo.uzga ishonchim qolmadi. Daryouzni auditoriyasi katta. Ta'siri ham katta
Tógri gapirganlar Lola men ham shunday fikrdaman mening ham qizim bor 10yoshi faqat oʻqish bilan band qilmoqdaman uy ishlari bilan emas
Lolani qanaqaligini bilamiz, ammo buni jamiyatga olib chiqib, yosh kelajak avlodlarni miyyasini aynitishga bu daryo uzdagi bazi jurnalistlarni nega faxm-farosati yetmas ekan. Bu yosh oilalarga namumami?