Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари уни “Япониядаги энг тежамкор қиз” деб аташди ва унинг қатъиятига қойил қолишди.
Япониялик Саки Тамогами исмли аёл 37 ёшида тежамкорлик туфайли учта уй сотиб олиши ва мушуклар кафесини очиши натижасида “мамлакатнинг энг тежамкор қизи” унвонига сазовор бўлди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар бермоқда.
Саки ҳақида илк бор 2019 йилда “Happy! Bomby Girl” кўрсатувида маълум бўлган эди. Ушбу кўрсатув ҳаётини ўзгартирган қизлар ҳақида ҳикоя қилади. Ўшанда япон қиз 34 ёшигача учта уйга эга бўлишни мақсад қилиб қўйганини айтади.
Ўшандан бери Саки кунига бор-йўғи 200 иен (тахминан 17 600 сўм) овқатига сарфлаган. У овқатини уйда пиширишга ҳаракат қилади, шунингдек, оддий таомларни ва тост, лапша каби арзонлаштирилган маҳсулотларни харид қилади.
Қиз янги кийим сотиб олмай, қариндошлари кийган кийимлардан фойдаланади. Бундан ташқари, Саки мебелларини чиқинди полигонларидан олиб келади.
Япониялик аёлнинг асосий даромади унинг кўчмас мулк агенти бўлиб ишлаганидан оладиган маошидир. Қаттиқ тежаш ва барқарор даромад унга 27 ёшида биринчи уйини сотиб олишга имкон берди. Бу унга 10 миллион иена (69 300 доллар)га тушади.
Қиз уйини ижарага беришни бошлайди ва қўшимча даромадини иккинчи уйга ипотекани қоплаш учун сарфлайди. У иккинчи уйини 29 ёшида 18 миллион иена (124 800 доллар)га харид қилган.
Кўп ўтмай, Саки учинчи уйини 37 миллион иена (256 500 доллар)га сотиб олади. Шу билан бирга, мазкур бинонинг биринчи қаватида мушуклар учун кафе очади ва уни CаfеYuunagi деб номлайди. Кафеда у уйсиз ҳайвонларга бошпана ҳам беради.
Ижтимоий тармоқларда 10 йилдан бери орзусига эришиб келаётган Сакининг ўз-ўзини тарбиялаши ва қатъияти кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлди. “Хитойда 1970 йилларда туғилган кўплаб аҳоли худди шундай яшайди. Афтидан, уй сотиб олиш улар учун бирдан бир мақсадга айланган”, деб таъкидлаган фойдаланувчилардан бири.
Изоҳ (0)