Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи мулла Абдулғани Бародар халқаро савдо марказининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Термиз шаҳрига келди. Бу ҳақда Khaama хабар берди.
Бародар бошчилигидаги юқори мартабали делегация ташрифи Ўзбекистоннинг расмий таклифига биноан амалга ошган. “Термиз халқаро савдо маркази”нинг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири, Озарбайжон бош вазири ўринбосари ҳамда Қозоғистон ва Қирғизистоннинг юқори мартабали расмийлари иштирок этиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, мазкур халқаро савдо марказининг биринчи қисми икки давлат ишбилармонлари ўртасидаги иқтисодий ва савдо ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида қарийб икки йил аввал фойдаланишга топширилган. “Толибон” у очилиши билан афғон тадбиркорлари марказга визасиз ташриф буюриши ва у ерда 10 кунгача қолиши мумкинлигини билдирган.
17 август куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Кобулга борди. Ташриф доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, қатор масалалар муҳокама қилинди. Ўзаро савдо айланмасини 2024 йилда 1 миллиард долларга, яқин истиқболда эса 3 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)