“Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилги 2-мавсумида овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан 39 та шикоят тушди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Бунда, энг кўп мурожаат келиб тушган ҳудудлар:
- Фарғона вилоятида — 7 та;
- Тошкент шаҳрида — 6 та;
- Наманган ва Жиззах вилоятларида — 5 тадан.
Соҳалар кесимида:
- умумтаълим мактаблари бўйича — 19 та;
- тиббиёт ташкилотлари бўйича — 16 тани ташкил этган.
Келиб тушган барча мурожаатлар кўриб чиқиш учун тегишли туман (шаҳар) Халқ депутатлари кенгашларига юборилади ҳамда ҳолат ўз тасдиғини топса, мазкур лойиҳалар овоз бериш босқичидан четлатилади ёки ғолиблар рўйхатидан чиқарилиши мумкин.
“Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилги 2-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи 22 август куни бошланганди. Овоз бериш жараёнлари 31 август соат 23:59 га қадар — 10 кун давом этади.
Ушбу мавсумда фуқаролар томонидан 27 мингдан ортиқ лойиҳа илгари сурилган. Шундан 23 мингдан ортиқ қисми ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ танлаб олинди ва овоз бериш жараёнига ўтказилди. Ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш учун 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)