Фарғона вилояти Данғара туманида ўз хизмат вазифасини бажараётган ходим фуқаро томонидан пичоқ билан ҳужум қилиниши натижасида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Унга кўра, 26 август куни соат 20:45 ларда Данғара тумани ИИБ профилактика катта инспектори Н.М. ўз ваколати доирасида Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан муқаддам судланиб, соат 18:00 дан соат 06:00 га қадар яшаш жойини тарк этмаслик тақиқи билан озодликни чеклаш жазосини ўтаётган туманнинг “Шодлик” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Э.ни яшаш хонадонига бориб, текширган.
Бироқ фуқаро хонадонида йўқлигини, жазони ўташ тартибини бузганини аниқлаган. Шу вақтда фуқаро маст ҳолда яшаш хонадонига ташқаридан келиб, бақир-чақир қилиб, жанжал кўтарган. Хонадонда бўлган ошхона пичоғини олиб, кутилмаганда ходимнинг кўкрак қафасига санчиб, унга оғир тан жароҳати етказган ҳамда воқеа жойидан яширинган.
Профилактика инспектори кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, шифохонада вафот этган.
Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида фуқаро қўлга олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Изоҳ (0)