Афғонистон муваққат ҳукумати Абдул Ғаффор Тиравийни Ўзбекистонга элчи этиб тайинлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг учинчи сиёсий департаменти директори Зокир Жалолий хабар берди.
Янги тайинланган элчи тез орада Тошкентда ўз вазифаларини бошлаши кутилмоқда. Жалолий иккала томон ҳам бунга келишиб олганини айтган. Шунингдек, у дипломатик муносабатлар даражасини ошириш бўйича айрим давлатлар билан келишувларга эришилганини таъкидлади.
“Ўтган уч йил давомида Исломий Амирлиги ўзини барқарор ва кучли тузум сифатида исботлади, минтақа ва дунё бу ҳақиқатни кундан-кунга чуқурроқ англаб бормоқда. Яқин келажакда Абдул Ғаффор Тиравий ҳам Тошкентдаги элчи сифатида ўз фаолиятини бошлайди”, дейди Жалолий.
“Улар фойдага эришиш ва зарарнинг олдини олиш учун яқинлашмоқда. Афғонистон билан муносабат ўрнатишга интилаётган бу мамлакатларнинг ўз манфаатлари бор, Афғонистоннинг ҳам ўз манфаатлари мавжуд”, дея таъкидлади сиёсий таҳлилчи Абдул Шукур Дадрас.
Шу билан бирга, “Толибон”нинг давлатлар билан алоқаларини кенгайтириш масаласида айрим мутахассисларнинг фикрлари турлича.
“Ҳозирги муваққат ҳукумат мамлакатларнинг нафақат уларни амалда тан олиши ёки сиёсий вакилларини қабул қилишига эришишга, балки расмий легитимликка эга бўлишимиз учун ички ва халқаро шароитни яратишга ҳаракат қилмоқда”, деди сиёсий таҳлилчи Бақер Саер.
“Биз шу йўналишда давом этиб, ҳозирги вазият ва яккаланишдан чиқишимиз, ўзимизни дунёга шарафли ва ҳурматга сазовор мамлакат сифатида тақдим этишимиз ва олдинга интилишимиз лозим”, дейди сиёсий таҳлилчи Муҳаммад Аслом Данишмал.
Аввалроқ Бадруддин Ҳаққоний Афғонистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчиси сифатида, Муҳаммад ул-Раҳмон эса Остонадаги элчихонанинг муваққат ишлар вакили сифатида иш бошлаганди.
Изоҳ (0)