Ню-Ёрклик боксчи, Чор Россиясига айиқларни кўриш учун келган. Аммо Биринчи жаҳон уруши туфайли қайтиб кета олмаган. Натижада у коммунистга айланди, Иттифоқда биринчи бокс клубига асос солди ва мўжизавий равишда Буюк Террордан омон қолди. 1957 йилда ўнлаб муваффақиятли боксчиларни тарбиялаган Сидней Жексон СССРда хизмат кўрсатган мураббий сифатида эътироф этилди.
Сидней Жексон 1886 йилда Ню-Ёркда туғилган. У камбағал яҳудий оиласида тарбияланган ва олти ёшида отасидан айрилган. Бутун умри кимё заводида ишлаш билан ўтган Луи Жексон сил касаллигидан вафот этган. Боқувчисини йўқотган улғайган болалар иш топишлари керак эди. Болалар чой-чақага ишлашарди ва кичкина Сид уни ҳам худди шундай тақдир кутаётганини тушунди.
Бу орада отасининг дўстлари боланинг мактабга киришига ёрдам беришди ва у гуманитар фанларга қизиқиши борлигини намоён этди. Аммо Сид қанчалик яхши ўқиган бўлмасин, у ўз касбини тасодифан танлади. Бир куни унинг синфдоши кучли боксчилар тасвирланган спорт журналини мактабга олиб келди. Ўша пайтда Жексон улардан бири бўлишга қарор қилди.
Сид дўсти билан Бронх Ридгеон клубига келганида 12 ёшда эди. Дастлаб, бола рингда ўзини ноқулай тутди, аммо машғулотлар кетидан у мослашди ва аниқроқ ҳаракат қилди. Тез орада интилувчан спортчи ҳаваскорлар мусобақаларида қатнаша бошлади. Шу билан бирга, у ҳали ҳам пул топиши керак эди — Сид курер бўлиб ишга жойлашди ва мижозларга буюртмаларни етказиб бериш пайтида оёқларини машқ қиляпман деб ўзини тинчлантирди. Жанглари кўпайиб, улардан келаётган гонорарлар етарли бўлгач унинг кимё заводида ишлашни истамаслигини тушунтиришга ҳожат қолмади.
1914 йилда ёш боксчи аллақачон профессионал даражага чиққан эди. У АҚШ терма жамоасига жалб этилди ва бутун дунё бўйлаб саёҳат қилди. Аммо унинг фаолияти бошланишидан олдин тугади. Глазгодаги ҳал қилувчи жангда Сидней бош бармоғини синдириб, олти ой давомида рингни тарк этишга мажбур бўлди. Ўз ватанида сиқилиб ўтирмаслик учун спортчи Россияга боришга қарор қилди. У ўзи айтганидек, “кўчаларда айланиб юрадиган айиқларни кўриш учун” Россияга келди. Боксчи дўсти Фрэнк Жилл билан бирга ёзнинг ўрталарида Архангелск портига етиб келди ва жуда кўп таассуротлар олди. Афсуски, булар ижобий таассуротлар эмас.
“Бизни ҳамма жойда вайрона уйлар ва вайронага айланган кўприклар кутиб олди, меҳмонхоналар шовқинли, маст одамлар сайр қилишарди”, деди Жексон. — “Осмон булутли бўлгани учун биз ҳатто юлдузларни ҳам кўра олмадик”.
Натижада норози меҳмонлар биринчи поездда Санкт-Петербургга, кейин эса Москвага кетишди. Кейин “Национал” меҳмонхонасига жойлашиб, газетада Биринчи жаҳон уруши бошланганини ўқишди.
Ҳарбий ҳаракатлар марказида бўлиб қолишни истамаган боксчилар АҚШ консуллигига мурожаат қилишди ва улардан ғарбий йўналишдаги эвакуация йўли тўсиб қўйилгани ҳақида жавоб олишди. Натижада дўстларга вақтинча Тошкентга кўчиб ўтишни таклиф қилишди. Тошкентдан қайтиш чиптаси учун пул юборишларини сўраб уйга телеграмма жўнатишди, аммо пул ўтказмаси фақат Жиллга келди. Кейинчалик маълум бўлишича, Сиднинг онаси унинг хабарларини умуман олмаган, чунки у сил касаллигига чалинган катта ўғлининг соғлиғини ўйлаб Ню-Ёркдан Калифорнияга кўчиб келган. Хабарларни олган тақдирда ҳам, онанинг ўғлига юборадиган пули йўқ эди. Энг арзон меҳмонхонада яшашга ҳам қурби етмаслигини тушунган Жексон иш топишда ёрдам сўраб генерал-губернаторга мурожаат қилди. Ўша йиллари Ўрта Осиёда бокс билан шуғулланилмагани учун Сид тикувчининг ёрдамчиси бўлиб ишлашга мажбур бўлди. Йигит жуда меҳнаткаш эди, лекин унинг бу қобилияти машғулотларда унга фойдалироқ бўлар эди, деб афсусланарди.
Сидней бошқа муҳожирлар яшайдиган эски кварталдаги тор кулбада яшар эди. Улар билан мулоқот қилиб, у тез орада рус тилида яхши гапира бошлади ва сиёсат ҳақида озгина тушуна бошлади. 1918 йилда, фуқаролар уруши бошланганда, Жексон Қизил Армиянинг Халқаро Бригадасида хизмат қилиш учун кўнгилли бўлиб ёлланди. Тўрт йиллик хизмати давомида Сид бутун Ўрта Осиё ва Кавказ бўйлаб жангларда қатнашган ва икки марта яраланган. Уруш тугагач, у Тошкентга қайтиб, Всевобучга спорт инструктори бўлиб ишлаган, сўнгра спорт тўгарагига тайинланган ва у ерда болаларга боксдан дарс бера бошлаган. Сидней мавжуд материаллардан фойдаланган ҳолда ўз қўллари билан дарслар учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилди.
У бокс рингини кема арқонидан ясади, уч жуфт эскирган қўлқопга ямоқ қўйди, маҳаллий кушхонадан олинган тери ва от жунидан бир нечта янги бокс қўлқопларини тикди. Мураббий эски қоплардан “груша”лар ясади. СССРда америкалик яҳудий томонидан ташкил этилган биринчи бокс клубининг тарихи шу тариқа бошланди.
Болалар фақат бокс билан чекланиб қолмади — ҳар доим қувноқ ва кучга тўла Жексон ёшларга бошқа спорт турларини, жумладан, сузиш, енгил атлетика ва футболни ўргатишни бошлади. Йигитлар ўзларига ишонганларидан кўра кўпроқ ишонган мураббийни яхши кўришарди. Аммо 1921 йилда Сид узоқ кутган ва унинг шогирдлари жуда қўрққан нарса юз берди. Мураббий маҳаллий Олимпиадага спортчиларни тайёрлаётганида, Америка элчиси Сидга саёҳат ҳужжатлари билан Тошкентга келган. Америка Қўшма Штатлари уни 7 йилдан бери эсламаганини шама қилиб Жексон элчи кечикканини айтди.
“Бир неча йил олдин мен уйга қайтиш учун ҳамма нарсага тайёр эдим, аммо ҳозир ҳаммаси ўзгарди”, деб жавоб берган Жексон. — “АҚШ фуқароси бўлиш катта шараф, лекин бу ерда қолиб, бу мамлакатга хизмат қилиш янада катта шарафдир”.
Сид ўзини бутунлай мураббийликка бағишлаганига ва 1922 йилда ҳатто СССР фуқаролигини олганига қарамай, уни мақташдан кўра кўпроқ қоралашарди. Жексон “жамоавий қадриятларни рад этувчи буржуа спорти” билан шуғулланганликда айбланган ва унинг мураббийлик қобилияти умуман қадрланмаган. Ўша йилларда СССР маҳаллий аҳолисининг муваффақиятлари жуда қадрланган, аммо чет элликлар бундай эътирофдан четда қолган. Жексон антисемитизм даврини ҳам бошидан кечирган, яҳудийларнинг ҳамма жойда лавозимлари пасайтирилган, ҳатто ишдан ҳайдалган. Бироқ Сиднининг ўзи эслашича, унинг бахтига “у орқадан сўзлар эшитган, ўқ товушини эмас”.
1929 йилда Жексон ўзидан 20 ёш кичик Kievлик яҳудий аёл Берта Брагинскаяга уйланди. Эр-хотиннинг икки фарзанди бор эди. СССРда оммавий очарчилик бошланганида Сид оиласини бокс билан боқа олмаслигини тушунди. Кейин 47 ёшли мураббий инглиз тили ўқитувчиси бўлишга қарор қилди.
“Менинг энг қийин жангим рус ва инглиз грамматикаси ўртасида бўлган эди”, деб ҳазиллашарди Жексон.
Бироқ Сидней бу жангда ҳам ғалаба қозонди — у тез орада Чет тиллар институтида инглиз тилидан дарс бера бошлади ва 50 ёшида профессор унвонини олди.
Синфда Сидней босиқ профессор Жексон эди ва Марк Твенни талабаларга иштиёқ билан ўқиб берарди, аммо ёш боксчилар орасида у “Сид бобо”га айланди. Ҳар куни эрталаб у бўрон каби Пионерлар саройига кириб борарди. Кейинчалик унинг шогирди, публицист, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Владимир Карпов эслашича, Жексон дангасаларга чидай олмасди ва ҳеч кимга ачинмасди. “Биз ҳар куни эрталаб ва ҳар оқшомда чидамлилик ва кучга эътибор қаратган ҳолда машғулот ўтказардик. Сид бобо биздан метин тартиб-интизом талаб қиларди, ичкиликдан, бекорчиликдан нафратланарди. Бу машғулотлар шунчалик эдики, сиз уларни ҳеч қачон унутмайсиз”, деган эди Карпов.
Сидней Жексон узоқ йиллар Ўзбекистон ССРнинг бокс бўйича бош мураббийи бўлиб қолди ва 1957 йилда ўндан ортиқ муваффақиятли спортчиларни тарбиялаб, ҳатто СССРда хизмат кўрсатган мураббий унвонини ҳам олди. У охирги кунларигача яхши жисмоний ҳолатда эди. Масалан, 79 ёшида у жамоаси билан Иттифоқнинг нариги чеккасига – Таллинга йўл олди. Олти ой олдин у ошқозон шишини олиб ташлаш учун операция қилинган, аммо ҳеч нарса бўлмагандек яшашда давом этган. Ўғлини кўргани келганда, у тоғлар бўйлаб бемалол юрарди. “У оғриқларга қарамай мендан тезроқ юрди ва мен эса нафас қисилишидан қийналиб юрардим” деб ёдга олган эди Лео. Аммо Жексон қанчалик кучли ва иродали одам бўлмасин, у онкологик касаллигини мағлуб эта олмади. 1966 йил 5 январда, 80 ёшга тўлишидан уч ой олдин, “Сид бобо” вафот этди.
“Баъзида мен тўхташ вақти келди деб ўйлайман, лекин бу ҳақда ўйлаш ҳам мени қўрқитади. Мен ёш эмасман, лекин барибир “мен қила олмайман” дейиш шунчаки баҳона деб ўйлайман. Мендек кекса одам, бу туйғу билан қандай яшашим мумкин? Вақт мени тўхтата олмайди, мени мағлуб этиш учун кучлироқ нарса керак” деган эди Жексон.
Эркин Ғайбуллаев таржимаси
Изоҳ (0)