Россия Федерацияси ҳудудида Google, Android ва IOS дастурлари блокланиши мумкин. Бу ҳақда Россия Давлат думаси депутати Алексей Диденко берган маълумотга асосланиб, “Лента.ru” нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, юқорида номи келтирилган платформалар маълумотларни қайта ишлаш ва тўплаш функцияларига эга эканлигини боис расмийлар уларга тақиқ қўйишга чақирган. Депутатларнинг бир гуруҳи Google, Android ва IOS’га муқобил платформалардан фойдаланишни тавсия қилган.
Депутат Диденко платформаларни блоклаш ташаббуси дума вакиллари талаби билан эмас балки вазият тақозоси билан амалга оширилишини билдирган.
Ҳукумат маълумотлар оқимини назорат қилиш ҳамда шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш учун шундай йўл тутишга мажбур бўлган.
“Бу бизнинг ташаббусимиз билан содир бўлмаяпти. Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларга ушбу платформалардан, айниқса, махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлган дастурлардан фойдаланиш амалда узоқ вақтдан бери тақиқланган. Шу боисдан ҳам энди фойдаланувчилар бошқа муқобил платформалардан фойдаланишига тўғри келади”, деган Алексей Диденко.
Депутат халқаро платформа ва дастурларнинг Россияда блокланиши мамлакат аҳолиси учун фожиа эмаслигини айтган. Бунга мисол сифатида 2022 йилда Россия ҳудудида Netflix фаолияти тўхтагани, бироқ унинг аналоглари фаоллашгани келтирилган.
Алексей Диденко Google, Android ҳамда IOS айнан қандай маълумотларга таҳдид солаётганини аниқ айтмаган. Ушбу компанияларга қачон ва қанча муддатга чеклов киритилиши ҳам очиқланмаган.
Изоҳ (0)