“Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузурида Иқлим кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Фармонга кўра, президент ҳузурида Иқлим кенгаши ташкил этилади. Иқлим кенгаши иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш масалалари бўйича президент ҳузуридаги энг юқори маслаҳат органи ҳисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси ва Париж битимидан келиб чиқадиган Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилиши мониторингини юритиш Иқлим кенгашининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Яшил трансформация ва иқлим ўзгаришига мослашиш миллий маркази Иқлим ўзгариши миллий маркази (Иқлим маркази) деб қайта номланди.
Илмий ва академик салоҳиятни ошириш ҳамда фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) Иқлим илмий форуми (резиденцияси) (Иқлим резиденцияси) ташкил этилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда экологик вазиятни баҳолаш учун ягона мониторинг тизими ишга туширилиши тўғрисида хабар берилганди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг мавжуд йўналишларини рақамлаштиришда жами 8 та ахборот тизими жорий этилади. Электрон ҳукуматни ривожлантириш мақсадида вазирлик томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари аҳоли учун соддалаштирилади.
Изоҳ (0)