Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси “Чилонзор” метро бекати яқинида каламушлар юргани акс этган видеога муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Чилонзор тумани “Чилонзор” метро бекати яқинида каламушлар юргани акс этган видео тарқалди. Видеодаги ҳолат бўйича Чилонзор туман бўлими мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилган.
Ушбу ҳолатнинг келиб чиқишига фуқаролар томонидан чиқиндиларни махсус жойларга ташламаслик сабаб бўлган ва бунинг оқибатида зараркунандаларнинг кўпайишига замин яратилмоқда. Ҳудудда дезинфекторлар томонидан дератизация (кемирувчиларга қарши зарарсизлантириш) ҳамда дезинсексия ишлари амалга оширилган.
Қайд этилишича, шаҳар шоҳкўчаларини дезинфекция қилиш, шунингдек, ирригация тармоқларида тозалаш, чиқиндиларни вақтида олиб кетиш ишлари туман ободонлаштириш бўлимлари томонидан олиб борилиши лозим. Хусусан, кўп қаватли уйлар ва тадбиркорлик шохобчаларини зарарсизлантириш ишлари дезинфекция ташкилотлари томонидан шартнома асосида амалга оширилади.
Аввалроқ Тошкентдаги супермаркетда пишган гўшт растасида суварак юргани аниқланган эди. Ўрганишлар давомида дўконнинг пастки қаватида жойлашган Хитой ресторанида озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланиши ва ундан дўконга сувараклар келиб қолиш эҳтимоли мавжудлиги маълум бўлган.
Изоҳ (0)