Сурхондарё вилоятида ЙПХ ходимининг қонуний талабларини бажармасдан, уни ҳақорат қилган ака-укага чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 26 июнь куни Сурхондарё вилояти Денов туманида икки нафар ака-ука хизматга жалб этилган ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармай, қасддан ҳуқуқбузарлик содир этган.
Шу куннинг ўзида олиб борилган тезкор чоралар натижасида ҳуқуқбузарлар ИИБга олиб келинган ва уларнинг ҳаракатига нисбатан тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилган.
Суд қарори билан ака-ука Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (майда безорилик), 194- (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 135-моддаларида (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март бошларида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ички ишлар органи ходимининг овқатланиб ўтирган жойига бостириб кириб, тасвирга олган ва ижтимоий тармоқларга тарқатганларга чора кўрилганди. Шунингдек, апрель ойида Тошкентда ички ишлар ходимини ўлдириб, ёқиб юборган 3 эркакка ҳукм ўқилгани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)