Самарқанднинг Пайариқ туманида АҚШга ишга бормоқчи бўлган икки киши 24 минг долларга чув тушди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Х.К. Ш.З. ва Б.Р.нинг ишончига кириб, уларни АҚШга ишга юборишини ваъда қилиб, ҳар биридан 12 000 доллардан жами 24 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Қайд этилишича, ушбу пуллар ҳисобидан 4 минг доллар қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ушбу мамлакатга ноқонуний миграция хавфли ва серхаражат уриниш эканлиги ҳақида фуқароларга доимий равишда огоҳлантириш билан чиқади. Шунга қарамай, фуқаролар ҳали ҳам АҚШга ноқонуний йўллар билан боришга уринмоқда.
2023 йилнинг 20 декабрида АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 119 нафар ўзбекистонлик олиб келинганди. 2024 йилнинг 3 мартида шундай кишиларнинг 74 нафари Ўзбекистонга қайтарилди.
Изоҳ (0)