Туркия ҳаво кучлари 3 июль куни Ироқ шимолида Курдистон ишчи партиясига алоқадор 37 та нишонни йўқ қилган. Бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлиги баёнотига асосланиб, Anadolu хабар берди.
Манбада айтилишича, чоршанба куни Туркия ҳарбийлари Ироқ шимолидаги тоғли участкаларда ҳаво рейдлари ташкил этган. Уларда чегара ҳудудига нисбатан яқин жойлашган кўплаб курд ҳарбий истеҳкомлари аниқланган.
Турк қуролли кучлари Ироқнинг Метина, Гара, Ҳакурк, Қандил ва Асос минтақаларида юқори даражадаги ҳаво ҳужумлари ташкил этган. Расмийлар бу ҳудудларда юқори тайёргарликдан ўтган, Туркия ичида теракт уюштиришни режалаштирган кучлар жамланганини айтган.
Миллий мудофаа вазирлиги айтишича, ҳужумлар БМТ низомининг 51-моддасига мувофиқ қонуний мудофаа ҳуқуқи доирасида амалга оширилган. Операция мақсади террорчи унсурларни тўхтатиш, Шимолий Ироқдаги маҳаллий халқ ва хавфсизлик кучларига қарши терактларнинг олдини олиш, шунингдек, чегара хавфсизлигини таъминлаш бўлган.
Операцияда маҳаллий ишлаб чиқарилган ўқ-дориларнинг максимал миқдоридан фойдаланиб, ғор, бошпана, омбор ва иншоотлардан иборат 37 та нишон йўқ қилинган. Улардаги ўнлаб террорчилар зарарсизлантирилган.
“Ушбу операция давомида бегуноҳ одамлар, тарихий ва маданий бойликлар ва атроф-муҳитга зарар етказилмаслиги учун барча чоралар кўрилди”, — дейилади Туркия расмийлари хабарида.
Маълумот ўрнида, Курдистон ишчи партияси 40 йилдан ортиқ вақтдан бери Туркия ва Яқин Шарқ ҳудудида террорчилик ҳужумлари ташкил этиб келади. Партия расман Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. Партия уюштирган терактлар оқибатида умумий 40 минг нафардан ортиқ одам, жумладан, аёллар, болалар ва гўдаклар ҳалок бўлгани хабар қилинади.
Изоҳ (0)