Ўзбекистонда 2024 йил касбий (ижодий) имтиҳон топширадиган абитуриентлар учун алоҳида рухсатномалар бериш жорий қилинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, рухсатномада абитуриент ҳақидаги маълумотлардан ташқари имтиҳон ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд бўлади. Яъни унда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган:
- йўналиш;
- олий таълим муассасаси номи;
- манзил;
- санаси ва вақти аниқ кўрсатилган бўлади.
Ҳозирда рухсатномалар “my.uzbmb.uz” сайтида шакллантирилмоқда. Жараён якунлангандан сўнг, абитуриентлар шахсий кабинетидан юклаб олишлари мумкин бўлади.
Вазирлик имтиҳонлар ўтказиладиган сана бўйича тез орада қўшимча хабар берилишини маълум қилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2024/2025-ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича тест синовларида иштирок этиш учун 894 279 нафар абитуриент рўйхатдан ўтгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)