Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан 3 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, тадбирларда ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинади.
Ўзбекистон президенти хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши аввалги мажлиси 2023 йил 4 июль куни видеоанжуман шаклида ўтказилганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев бир қатор таклифларни илгари сурганди.
Хусусан, кўп томонлама сиёсий ҳужжат — ШҲТнинг яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Инновацион тараққиёт, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва келажак саноатининг бошқа тармоқларини қамраб оладиган ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқоти дастурини қабул қилишни ҳам таклиф этганди.
Тадбир якунида иқтисодий ҳамкорлик ва рақамли трансформацияни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган 10 та ҳужжат қабул қилинди ва ШҲТга раислик Қозоғистонга ўтди.
Изоҳ (0)