Қозоғистоннинг мухолифатчи журналисти Айдос Содиқов Киевда 18 июнь куни суиқасдга учраши ортидан шифохонада вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг рафиқаси Наталя Содиқова хабар берди.
“Ўн уч кун давомида Айдос реанимацияда ҳаёт учун курашди, аммо ҳеч қандай мўжиза содир бўлмади”, — деб ёзади журналистнинг рафиқаси Facebook’даги саҳифасида.
Айдос Содиқовга қарши суиқасд 18 июнь куни бўлиб ўтган. “База” YouTube канали муаллифи Айдос рафиқаси билан машинада бўлганида бошига ўқ узилган. Шу куни журналист оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Ҳодиса оқибатида журналистнинг рафиқаси жабрланмаган.
21 июнь куни Украина Бош прокуратураси Қозоғистон фуқаролари Алтай Жаканбоев ва Мейрам Каратаев суиқасд уюштиришда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берган. Тергов маълумотларига кўра, улар Киевга Польшадан келган. 22 июнь куни Алтой Жаканбоев Украина полициясига таслим бўлган.
Қозоғистон Бош прокуратураси иккинчи гумонланувчининг қаердалигини аниқлаш бўйича тергов-тезкор тадбирлари ўтказилаётганини билдирди. Тегишли кўрсатмани Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев берган. Наталя Содиқова гумонланувчилардан бири полициячи эканини ёзмоқда. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Мейрам Каратаев 2019 йилнинг январида ички ишлар органларидан бўшатилганини маълум қилган.
Содиқов рафиқаси Наталя билан 2014 йилдан бери қочқин мақомига эга бўлиб, Украинада истиқомат қилади. Қозоғистонда улар 2023 йилдан буён ижтимоий, миллий ёки диний адоват қўзғатишда айбланиб, қидирувга берилган.
Изоҳ (0)