Финляндия парламенти 1 июль куни АҚШ билан мудофаа шартномаси имзолаш режасини тасдиқлади. Бу ҳақда мамлакат маҳаллий манбаларига таяниб, Anadolu хабар берди.
Янги шартномага мувофиқ Финляндия ҳудудида АҚШ ҳарбий контингенти ва мудофаа техникалари жойлаштирилиши мумкин бўлади. Ушбу келишувдан мақсад эса эҳтимолий тажовузларга қарши мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш.
АҚШ ва Финляндия ўртасидаги биринчи ҳарбий келишув ўтган йилнинг декабрь ойида эришилган эди. Унга кўра Хелсинки маъмурияти АҚШ ҳарбийларига ўзининг 15 та ҳарбий иншоотларидан фойдаланишга рухсат берган. Финляндия ҳукумати, шунингдек, мамлакатга мудофаа жиҳозлари, таъминот, техникалар ва аскарларни олиб киришга ҳам рухсат берган.
Янги келишувга мувофиқ Финляндия ҳудудида фақат АҚШ ҳарбийлари фойдаланиши мумкин бўлган ҳарбий иншоотлар қурилади. Бу тузилмани ташкил этишдан мақсад очиқланмаган.
Финляндиядаги Социал-демократик партиянинг ташқи ишлар қўмитаси раиси Киммо Килюнен шартноманинг қабул қилинишини ўз халқи учун “тарихий лаҳза” сифатида олқишлаган. Келишув мамлакат келажаги учун хавфларни бартараф этиши айтилган.
“Ушбу келишувнинг мақсади, Финляндиянинг НАТОдаги позициясига мувофиқ, мамлакат мустақиллиги ва унинг халқи хавфсизлигини мустаҳкамлашдир”, — деган Килюнен.
Ушбу турдаги мудофаа шартномаси НАТОнинг яна 11 давлати, жумладан, Швеция, Норвегия ва Дания билан ҳам имзоланган. Вашингтон ушбу мамлакатларда ҳарбийларини кўпайтириш учун ҳукуматлардан “ижозат” олишга эришган.
Изоҳ (0)