Шимолий Корея ҳарбийлари 27 июнь куни янги ядровий ракетани синовдан ўтказган. Бу ҳақда Шимолий Корея марказий ахборот агентлиги тарқатган хабарга асосланиб, New York Times маълумот берди.
Манбада айтилишича, янги синовлар Шимолий Кореянинг ядровий арсеналини кучайтириш ҳамда бир нечта нишонларни мустақил тарзда йўқ қила оладиган тизимни самарали ишга тушириш учун ўтказилган.
Янги ракета стратегик ва тактик жиҳатдан анча самарали ва “ҳалокатли” экани хабар қилинган. Чунки бу ракета бир пайтнинг ўзида бир нечта ядро каллакларини кўтариб уча олади. Айни пайтда каллакларни серияли тарзда турли манзилларга аниқликда улоқтира олади.
Янги ишлаб чиқилган MIRV ракетаси Шимолий Кореянинг Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига таҳдидини кескин оширади. Чунки ҳавода манёврлар амалга ошира олувчи бу қурол мудофаа тизимлари томонидан тутиб олишга жуда қийин.
Жанубий Корея армияси вакили полковник Ли Сунг Жун Шимолнинг янги ракета ҳақидаги даъволарини рад этиб, “алдаш ва бўрттириш” дея таърифлаган. Пхеньян ҳеч қандай MIRV’ни эмас балки навбатдаги гипертовушли ракетани синовдан ўтказганини маълум қилган.
Ғарб нашрлари Шимолнинг янги ракета синовлари Россия билан ҳамкорликнинг бир қисми эканлигини билдирган. Президент Путиннинг Пхеньянга ташрифи давомида эришилган мудофаа, ҳарбий-стратегик ҳамда ядровий келишувларга мувофиқ янги қуроллар намойиш қилинаётгани билдирилган.
Изоҳ (0)