Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Доғистонда содир этилган террорчилик ҳаракатлари муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик ва далда сўзларини билдирди.
Ўзбекистон президенти бу ғайриинсоний зўравонликни қатъий қоралади ҳамда хавфсизлик соҳасидаги умумий таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмалар ўртасидаги фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, 26—28 май кунлари Россия президентининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Келгусидаги, шу жумладан, кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
Доғистонда 23 июнь куни кечқурун Махачқалъа ва Дарбанд шаҳрида қуролланган номаълум шахслар православ черковлари, синагогалар ва йўл-патрул хизмати постига ҳужум қилди. Оқибатда 15 дан ортиқ полиция ходими ҳалок бўлди, жангарилар эса ўлдирилди. Доғистонда ҳолат юзасидан уч кунлик мотам эълон қилинди.
Изоҳ (0)