Бельгиянинг Европа Иттифоқидаги ваколатхонаси маълум қилишича, ЕИ кенгаши Украина ва Молдова билан иттифоққа қўшилиш бўйича музокаралар бошланишини 25 июнга белгилаган. Аввалроқ Молдова президенти Майя Санду музокараларни бошлаш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.
“Европа Иттифоқи кенгаши ташкилотнинг умумий позицияларини, жумладан, Украина ва Молдованинг қўшилиши бўйича музокаралар асосини маъқуллади. Бу 25 июнь, сешанба куни музокаралар бошланишига йўл очади”, — деб хабар қилди ваколатхона Х ижтимоий тармоғида.
Материалда айтилишича, музокаралар Люксембургда бўлиб ўтади.
Украина ва Молдова 2022 йил июнь ойида аъзоликка номзод давлатлар мақомини олганди. Еврокомиссия уларни коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишга чақирди, чунки ЕИга кириш мезонлари эркинлик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилишни талаб қилади.
Бугун, 21 июнь куни Майа Санду барча тавсиялар бажарилганини эълон қилди. Шунингдек, у Молдованинг ЕИга кириши бўйича музокараларни бошлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Украина президенти Владимир Зеленский музокаралар жараёни бошланиши ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.
Изоҳ (0)