“Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ёзги трансфер ойнасида жамоанинг ҳужум чизиғини кучайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда “Sport.es” журналисти Иван Сан Антонио хабар бермоқда.
Манбага кўра, германиялик мутахассис “Атлетик” ва Испания терма жамоаси вингери Нико Уильямснинг трансфер қилинишини хоҳлайди, бироқ бу келишув Каталония жамоаси учун қийинчилик туғдириши мумкин. Фликнинг иккинчи “нишони” Испания терма жамоасининг яна бир ўйинчиси, “РБ Лейпциг”нинг кўп қиррали ҳужумкор ярим ҳимоячиси, Каталония жамоаси тарбияланувчиси Даниэль Олмо ҳисобланади. Қайд этилишича, германиялик мутахассис Олмодан қандай фойдаланишни билади, унинг жамоага қўшилиши жамоа ўйинига шижоат қўша олади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсум Олмо барча турнирларда 26 та ўйинда иштирок этиб, саккизта гол ва бешта голли узатмага муаллифлик қилган. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt порталида берилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил қилади.
Нико Уильямс ўтган мавсумда 39 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 19 та голли узатмани амалга оширди. Футболчининг трансфермаркт интернет порталидаги тахминий баҳоси 60 миллион еврони ташкил этади, Никонинг баск клуби билан шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
Изоҳ (0)