Нидерландия бош вазири Марк Рютте Йенс Столтенбергдан кейин НАТОнинг янги бош котиби бўлади. Бу ҳақда Нидерландиянинг NOS телевидениеси тарқатган хабарга асосланиб, Reuters хабар бермоқда.
Манбада айтилишича, Марк Рютте Венгрия ва Словакия томонидан НАТО альянсига янги раҳбар сифатида қўллаб-қувватланган. Марк Рютте Киевнинг содиқ иттифоқчиси ва Россия президенти Владимир Путиннинг танқидчиси сифатида шуҳрат қозонган.
Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен иштирокида ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Йенс Столтенберг янги бош котиб ҳақидаги хабарларни инкор этмаган. Бу эса ОАВда тарқаган хабарларнинг тасдиғи сифатида кўрилмоқда.
“Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг баёноти билан биз кейинги бош котибни танлаш бўйича хулосага жуда яқин келдик. Ўйлашимча, бу жуда яхши янгилик”, — деган НАТОнинг ҳозирги бош котиби Йенс Столтенберг.
Анжуманда Столтенберг Рютте ҳақида қисқа фикр билдириб, у агар вазифага тайинланса, бу энг тўғри қарор бўлишини айтган. Альянсда Марк Рюттени танлаш борасида ҳеч қандай қарама-қаршиликлар йўқлигини ҳам маълум қилган.
“Менимча, Марк жуда кучли номзод. У бош вазир сифатида катта тажрибага эга. У яқин дўст ва ҳамкасб, шунинг учун ҳам тез орада альянс унинг менинг ўрнимга номзод бўлиши ҳақида қарор қабул қилишига қаттиқ ишонаман. Бу барчамиз учун, НАТО ва мен учун ҳам яхши бўлади”, — деган НАТО бош котиби.
Россия кенг миқёсли босқинини бошлаганидан бери ўтган икки йил ичида Марк Рютте Европанинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатаётган ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлиб, Европада тинчликни таъминлаш учун Россия жанг майдонида мағлубиятга учраши мутлақ зарурлигини қайта-қайта таъкидлаб келган. Унинг сўнгги раҳбарлигида Нидерландия мудофаа харажатларини НАТО талаблари бўйича ЯИМнинг 2 фоизлик чегарасидан оширган. Киевга Ф-16 қирувчи самолётлари, артиллерия, дрон ва ўқ-дорилар етказиб берган, шунингдек, ўз армиясига катта сармоя киритган.
НАТО қарорларни консенсус асосида қабул қилади, шунинг учун ҳар қандай раҳбарликка номзод барча 32 иттифоқчининг овозига муҳтож. Рютте номзодига расман қарши бўлганлар орасида эса Руминия президенти Клаус Йоханнис бор. Йоханнис НАТОга раҳбарлик борасида ўз номзодини илгари сурмоқда.
Изоҳ (0)