Жаҳон банки Ўзбекистонга энерготарифлар ислоҳотининг аҳоли ижтимоий заиф қатламига таъсирини юмшатиш мақсадида 7,5 миллион доллар миқдоридаги 1-транш маблағини ажратди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг қарорига асосан мамлакатда Жаҳон банки кўмагида “Энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” (iCRAFТ) лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг “Қисқартирилган эмиссияларни сотиб олиш шартномаси” (ERPА) компоненти доирасидаги ислоҳотларни, хусусан, энергия тарифлари ислоҳотининг аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига бўлган таъсирини юмшатиш ва уларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Жаҳон банки томонидан 7,5 миллион доллар миқдорида 1-транш маблағлари ажратилган.
1-транш маблағлари – халқаро иссиқхона газлари савдоси симуляцияси сифатида Ўзбекистонга қайтариб бериладиган қисқартирилган иссиқхона газлари эммисияси учун ажратилган грант маблағлари ҳисобланади.
iCRAFТ лойиҳаси Ўзбекистонда Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича дунёдаги биринчи глобал ташаббуси бўлиб, ислоҳотлар натижасида иссиқхона газлари эмиссияларини камайтиришга ва уларнинг бир қисмини халқаро бозорларда савдосини йўлга қўйишга қаратилган.
Аввалроқ Жаҳон банки янги прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда 5,3 фоизга, 2025 йилда 5,5 фоизга, 2026 йилда эса 5,7 фоизга ўсиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)