Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни Америка Қўшма Штатларининг Савдо вакили Кетрин Тайни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Америка идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига АҚШ президенти Жо Байденнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашув давомида икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар кўрсаткичлари барқарор ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди.
АҚШнинг “Аир Products”, “Coca-Cola”, “Citibank”, “Visa” ва бошқа кўплаб етакчи корхоналари ва банклари билан кооперация алоқалари ривожланмоқда.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши, GSP тизимини қайта тиклаш, “C5+1” формати ҳамда Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим доирасида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Саноат кооперацияси учун янги соҳаларни аниқлаш ва тегишли лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма платформани ишга тушириш муҳим экани таъкидланди.
Изоҳ (0)