Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Янгиариқ туманидаги мактаб директори ўқитувчилардан пул йиғиб олаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Facebook ижтимоий тармоғида Янгиариқ туманидаги 4-сонли мактаб директори ҳар бир ўқитувчидан ойлик маошининг 10 фоизини келтириб сейфга ташлашини, ким эътироз билдирса, ишдан бўшаши тўғрисида ариза ёзишини талаб этаётгани юзасида мурожаат тарқалди.
Мазкур ҳолат Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида шу мактабда фаолият олиб бораётган 83 нафар педагог ўртасида аноним сўровнома ўтказилган.
Сўровнома натижаларига кўра, мактаб директорнинг ҳар бир ўқитувчидан маошининг 10 фоизини сейфга ташлашини талаб қилгани ҳолати ўз исботини топмаган.
Аввалроқ Наманганда мактаб директори ўринбосари ўқитувчилар номига кредит олгани аниқланган эди. Вазифасига нисбатан совуққонлик билан ёндашган муассаса директорининг ўринбосари лавозимидан озод қилинган.
Изоҳ (0)