Қарши шаҳрида фуқароларга автомобиль олиб беришни ваъда қилиб, уларни чув туширган шахсга жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Қарши шаҳри бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда А.Й. исмли шахс фуқароларга автосалондан шартнома асосида қисқа муддатда автомашина олиб беришини айтиб, икки нафар фуқарога Cobalt ва Malibu русумли автотранспорт воситаларини олиб бериши эвазига уларнинг жами 22 минг долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил августда Тошкент шаҳрида фуқароларга уй ва машина олиб беришни ваъда қилиб, уларни 15 миллиард сўмга чув туширган шахсга суд ҳукми ўқилган эди. Ундан олдин эса Тошкент вилоятида автокредит учун тўланган 1,6 миллиард сўмни ноқонуний ўзлаштирган шахс қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)