Фарғона вилоятида қалбаки акциз маркали алкоголь ва тамаки маҳсулотларини муомала киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Риштон туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “Д.П.” ОК раҳбари О.И. ўзига тегишли савдо дўконида “Столичная” номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини сотган вақтида ушланиб, ушбу дўкондан 51 турдаги жами 569 дона қалбаки акциз маркали алкоголь ва 142 қути тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.
Худди шундай, департаментнинг Қўштепа тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Қамиштепа” МФЙда жойлашган спиртли ичимликлар савдо дўкони сотувчиси З.Й. “Кеклик” ва “Ржаная” номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини сотаётган вақтида ушланиб, ушбу дўкондан 13 турдаги жами 398 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда 403 млн сўмлик истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйган дўкон фош этилган эди.
Изоҳ (0)