Россия ва Хитой июнь ойи ўрталарида Швейцарияда бўлиб ўтадиган Украина бўйича тинчлик саммитининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский хабар берди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Киев ҳозирда дунёнинг 106 давлатидан тинчлик саммитида иштирок этиши ҳақидаги тасдиқномага эга. Украина раҳбарининг таъкидлашича, Россия дунёнинг кўплаб мамлакатларига саёҳат қилиб, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ёки кимёвий моддалар, энергия нархини блокировка қилиш билан таҳдид қилмоқда ёки дунёнинг бошқа давлатларига саммитда қатнашмаслиги учун шунчаки босим ўтказмоқда.
Унинг қўшимча қилишича, баъзи давлатлар Москвага тинчлик саммитини дипломатик йўл билан бузишда ёрдам бера бошлагани ҳақида хабарлар мавжуд.
Зеленский АҚШ ва Хитойнинг тинчлик саммитидаги позицияларини солиштириб, Хитой уни бузишга ҳаракат қилаётганини таъкидлаган. У АҚШ ўз иштирокини юқори даражада тасдиқлагани, президент Байденнинг эҳтимолий ташрифини ҳамда Хитой бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаганини айтган.
АҚШ баъзи давлатлар билан алоқада бўлиб, уларни тинчлик саммитида иштирок этишга ундамоқда. Хитой, афсуски, аксинча, мамлакатларнинг жаҳон саммитига келишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Бу икки позиция ўртасида катта фарқ бор, — дейди Зеленский.
Киев Швейцарияда бўлиб ўтадиган жаҳон тинчлик саммити иштирокчилари биргаликда уч босқичли, хусусан, эркин навигация, ядровий ва энергия хавфсизлиги ҳамда асирларни алмашиш ва ноқонуний депортация қилинган болаларни қайтариш бўйича ҳаракат режасини ишлаб чиқишларини кутмоқда.
15—16 июнь кунлари Швейцарияда Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича глобал конференция бўлиб ўтади. У Киев расмийлари талабига биноан ташкиллаштирилган. Тадбирга Россия таклиф қилинмаган.
Изоҳ (0)