Жиззах ва Андижон вилоятларида кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Шароф Рашидов туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “Ж.қ.” МЧЖ раҳбари Б.Қ. 7 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган кредит эвазига таъминотчи корхона сифатида маҳсулотларни етказиб бермасдан 200 миллион сўм кредит маблағини ўзлаштиргани аниқланган.
Департаментнинг Қўрғонтепа туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Ш.Н. исмли шахс (муқаддам судланган) фуқаро С.А.ни алдаб, унинг турмуш ўртоғи Й.У.нинг номига банк филиалидан уй-жой сотиб олиш учун кредит ажратиб бериши эвазига 2,6 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган, шунингдек, банкнинг дастурий иловаси орқали унинг номига 31,7 миллион сўм онлайн-микроқарз ажратишга эришиб, ушбу маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда хусусий боғча қуриш учун ажратилган 356 млн сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида фермер хўжалиги 3,1 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини ўзлаштиргани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)