Фарғона вилоятида 270 дона уяли алоқа воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар беради вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва Божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ходимлари Шахсий хавфсизлик шўбаси ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона туманида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида ушбу туман ҳудудида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автотранспорт воситаси фуқаро яшаш хонадони олдига тўхтаган вақтида ушланиб, автотранспорт воситаси ва хонадон белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Натижада, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 367 миллион сўмлик икки турдаги жами 270 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Март охирларида Жалолобод вилоятида яшовчи фуқаронинг уйида Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи туннел аниқлангани тўғрисида хабар берилганди. Давлат хавфсизлик хизматига кўра, ушбу туннеллардан мобил телефон ва заргарлик буюмлари ноқонуний равишда олиб ўтишда фойдаланилган.
Изоҳ (0)