Грециянинг Крит ороли яқинида 16 май куни денгизда ҳалокатга учраган 42 нафар ноқонуний муҳожир қутқариб қолинди. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, денгизда ҳалокатга учраган ноқонуний муҳожирлар ҳақида дастлаб Италия қирғоқ мудофаа кучлари Греция томонига маълум қилган. Ҳалокат ҳудудига тезкорлик билан қутқарув гуруҳлари жўнатилган.
Греция маҳаллий нашрлари жами 42 нафар фуқаро қутқариб олинганини билдирган. Шунингдек, Крит ороли яқинида бедарак йўқолган 3 нафар муҳожир қидирилаётгани маълум қилинган.
Манбаларга кўра, муҳожирлар қайиғи Крит оролидан 30 километр шимоли-ғарбда, Грециянинг материк қисмидан 160 км жанубда ҳалокатга учраган.
Қутқарув операцияси давомида дастлаб ҳужжатсиз жами 39 нафар муҳожир яқин атрофдаги кема орқали қутқариб олиниб, Крит оролига олиб кетилган. Кейинроқ яна уч нафар муҳожир сувдан топилиб, вертолётда хавфсиз ҳудудга юборилган.
Расмийлар қутқарилганларнинг кўпчилиги Критдаги маҳаллий аэропортга жойлаштирилганини билдирган. Ёнида ҳужжати бўлмаган фуқароларнинг шахси ва қаердан келгани аниқланаётгани хабар қилинган.
Изоҳ (0)